Ўзмиллийбанк мутахассиси ‘Ўзбекистоннинг энг фаол ёш банк ходими’ танловида
Ўзмиллийбанк мутахассиси 'Ўзбекистоннинг энг фаол ёш банк ходими' танловида 2-ўринни эгаллади. Танлов Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ўзбекистон банклари Асоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилиб танловнинг барча босқичларида жами 2200 нафарга яқин ёш банк ходимлари иштирок этди. Республика якуний босқичида ҳакамлар ҳайъати томонидан иккинчи босқичда ғолиб деб топилган 21 нафар энг фаол ёш банк ходимлари орасидан ғолиблар саралаб олинди. Танловда энг фаол ёш банк ходимлари банк хизмат турларини янада такомиллаштириш ва банк тизимида янги хизмат турларини жорий этиш, мавжудларини такомиллаштириш борасида киритган таклифлари ва уларнинг иш жараёнида жорий этилганлиги, ходимларнинг касаба уюшмалари ҳаракатидаги фаоллиги, ташабусскорлиги, чет тилларини билиши, ёш мутахассиснинг ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланиш қобилияти ҳамда молия ва банк соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш, шунингдек, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга доир қонунчилик борасидаги саводхонлиги каби мезонлар асосида аниқланди. "Энг фаол ёш банк ходими" танловининг натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Бош офис ходими Абдукаримов Мангуберди фахрли 2-ўринни эгаллади. Республика босқичида ғолиб деб топилган ёш банк ходимлари тадбир ташкилотчилари томонидан дипломлар, ташаккурномалар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.