Тадбиркор – қонун ҳимоясида
Самарқанд шаҳрида вилоят адлия бошқармаси томонидан “Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида семинар ўтказилди.
Шаҳар ва туман ҳокимликлари вакиллари, банк, молия, солиқ идоралари, прокуратура, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси масъул ходимлари ҳамда тадбиркорлар қатнашган тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Тадбиркорлик субъектларининг эркин ва самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида бир қатор қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турлари, руxсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
– Йил бошидан буён бошқармамизга тадбиркорлар томонидан бир юз йигирмадан ортиқ мурожаат тушиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди, – дейди вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Санжар Чўлиев. – Жумладан, “ишонч телефони”га бўлган элликка яқин мурожаат асосида тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тикланди. Белгиланган режа асосида ҳар ойда туман ва шаҳарларда “Очиқ эшиклар куни” ўтказилиб, тадбиркорлар билан яқин мулоқотда бўлмоқдамиз. Бу эса юзага келаётган муаммоларни жойида ўрганиш ва ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Тадбирда қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, аҳолининг замонавий, юқори технологик ва бозор хизмат турларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзлар берилгани таъкидланиб, иштирокчиларга бу имкониятлардан фойдаланиш юзасидан тавсиялар берилди.